Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни жадаллаштириш ва натижадорлигини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказди

5 Просмотры
Скачать
Издатель
Президент Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва натижадорлигини таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Халқимизга яхши маълумки, охирги йиллар мамлакатимизда туб ислоҳотлар даври бўлди. Кўплаб соҳаларда биринчи навбатдаги муаммолар ҳал этилди.

Хусусан, чет эл валютасининг эркин конвертацияси йўлга қўйилди. Солиқ тизими ислоҳ қилиниб, солиқлар сони камайтирилди. Тадбиркорлик учун имконият кенгайтирилди. Божхона тартиблари соддалаштирилди. Барча соҳаларда ахборот технологиялари жорий этилмоқда. Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига ўтилаяпти. Мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди.

Ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича ҳам янги тизимлар жорий қилинди. Таълим ва тиббиётда сифатни ошириш чоралари кўрилмоқда. Умуман, бугунги кунда 100 дан ортиқ соҳа ва йўналишларда ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Эндиликда, жаҳондаги тез ўзгарувчан сиёсий-иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда, барқарор ўсишни давом эттириш, аҳолининг яшаш тарзи ва турмуш шароитларини янада яхшилаш мақсадида ислоҳотларнинг кейинги босқичини амалга ошириш зарур. Энг асосийси, бу ислоҳотларни шошмасдан, мантиқий кетма-кетликда ва тизимли қилиш керак.

Шу мақсадда, давлатимиз раҳбарининг 9 сентябрдаги фармони билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди.

Йиғилишда мазкур Агентлик фаолиятини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиниб, устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

– Ислоҳотлар натижасида ижобий ўзгариш бўлиши, одамлар буни ўз ҳаётида сезиши керак. Агентлик бунинг учун устувор ислоҳотларни аниқлайдиган, уларни ўзаро мувофиқлаштирадиган ва натижадорликни таъминлайдиган тузилмага айланиши лозим, – деди Президент.

Йиғилишда шу борадаги асосий вазифаларга тўхталиб ўтилди. Алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ислоҳотларнинг устуворлиги ва мантиқий кетма-кетлигини белгилаш, давлат дастурлари ижросини мониторинг қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш шундай муҳим вазифалардандир.

Масалан, таҳлиллар қишлоқ ва сув хўжалиги, ер муносабатлари, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, транспорт, коммунал хўжалиги, тиббиёт каби соҳаларда қўйилган мақсадларга эришилмаганини кўрсатмоқда. Стратегик ислоҳотлар агентлиги бундай муаммоларни танқидий таҳлил қилиб, ишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилайди.

Иш ўринлари кўпайиши ва аҳоли даромадлари ўсиши учун иқтисодиётнинг устувор тармоқларини аниқлаш ҳам жуда муҳим.

Шу боис давлатимиз раҳбари аҳолининг барча қатламларига ижобий таъсир қиладиган ислоҳотларни аниқлаб, “йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди. Бунда аҳолидан энг кўп мурожаат бўлаётган соҳаларга эътибор қаратиш, улар бўйича нимага эришилиши ва халқ нима манфаат кўришини аниқ кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.

Устувор соҳаларни ислоҳ қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассислари ҳамда халқаро экспертлардан иборат Лойиҳа гуруҳларини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Выполните вход или зарегистрируйтесь для отправки комментария.
Комментариев нет.