Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга расмий ташрифи тафсилотлари

3 Просмотры
Скачать
Издатель
Бугун, 22 ноябрь куни Париждаги анъанавий равишда расмий тадбирлар ўтказиладиган Фахрийлар уйида расмий ташриф билан Франция Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига Франция Республика гвардияси ҳарбий хизматчилари саф тортди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди. Гвардиячилар давлатимиз раҳбари олдидан тантанали юриб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазири Оливье Бешт фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

22 ноябрь куни Париждаги Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар ва муносабатларни юксак даражадаги кенг қамровли шериклик руҳида ривожлантиришга келишиб олдилар.

Етакчилар икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган жорий йилда икки томонлама алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётгани, кенг сиёсий мулоқот чуқурлашиб, халқаро ташкилотлар доирасида томонлар ўзаро кўмаклашаётгани, парламентлараро мулоқот кенгайганини мамнуният билан қайд этдилар.

Кейинги йилларда Франция компаниялари иштирокидаги қўшма корхона ва лойиҳалар сони уч баробар кўпайди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг жорий портфели 5 миллиард евродан ошди.

Энергетика, геология-қидирув, озиқ-овқат саноати ва савдо соҳаларида «Total Eren», «Veolia», «EDF», «Orano», «Lactalis», «Carrefour» ва «Shiever» каби халқаро миқёсдаги компанияларнинг ўзаро манфаатли фаолияти қайд этилди.

Шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, "яшил" иқтисодиёт, коммунал, гидроэнергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларда иштирок этаётган Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги мазмун касб этди.

Ташриф арафасида ўтказилган Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик тадбирларининг якунлари, уларнинг доирасида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ бўлган савдо-иқтисодий битим ва шартномалар имзолангани юксак баҳоланди.

Хавфсизлик соҳасида, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди.

Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти қайд этилди. Томонлар Самарқандда Франция альянсининг бўлинмаси очилишини қўллаб-қувватладилар ҳамда жорий йил 27-28 ноябрь кунлари Парижда иккинчи Ўзбекистон-Франция таълим форумининг ўтказилишини олқишладилар. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Етакчилар Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросига бағишлаб Лувр музейида “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” ва Араб дунёси институтида “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмалари очилишини мамнуният билан қайд этдилар.
Давлат раҳбарлари долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Учрашув очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди. Якунда Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронни ўзи учун қулай вақтда ташриф билан мамлакатимизга боришга таклиф этди.
Выполните вход или зарегистрируйтесь для отправки комментария.
Комментариев нет.